Самарқандда жорий йилнинг ўтган даврида 5600 нафардан зиёд фуқаро касб-ҳунарга жалб қилинган
21-Iyul, 2022-yil

...

Самарқандда жорий йилнинг ўтган даврида 5600 нафардан зиёд фуқаро касб-ҳунарга жалб қилинган

Бу ҳақда вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолияти билан танишиш мақсадида журналист ва блогерлар иштирокида ташкил этилган пресс-турда маълум қилинди.

Дастлаб бошқарма бошлиғи Нажмиддин Сулаймонов жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда касб-ҳунарга ўқитиш борасида қилинган ишлар ҳақида маълумот берди. 

- Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида “Ишга марҳамат” мономаркази, 5 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда шу йил туман ва шаҳарлар ҳудудида ташкил этилган 90 та касб-ҳунарга ўқитиш масканларига 5644 нафар ишсиз фуқаро жалб қилинди, - деди Н.Сулаймонов. – Фуқаролар 40 га яқин касб бўйича уч ойдан олти ойгача бўлган муддатда ўқув курсларида таҳсил олмоқда ва курсни муваффақиятли тугатганларга мутахассислиги бўйича сертификат топшириляпти. Бугунги кунга қадар 1429 нафар фуқаро курсларни муваффақиятли тугатди ва 1214 нафарининг бандлиги таъминланди. Ҳозирда ўқув масканларида 3600 нафарга яқин фуқаро ўқишни давом эттирмоқда.

Шундан сўнг, иштирокчилар Иштихон туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди. 

Марказ ўтган йилда ташкил этилган бўлиб, шу кунга қадар тикувчилик, ошпаз-қандолатчи, электромонтёр, электрогаз пайвандчи, сантехника ишлари устаси касблари бўйича 324 нафар фуқаро курсни муваффақиятли тугатган. 

- Айни пайтда 116 нафар фуқаро касб сирларини ўрганмоқда, - дейди Иштихон касб-ҳунарга ўқитиш маркази директори Жамшид Расулов. – Марказ қошида туманимизда 6 та, Оқдарёда 5 та, Қўшработда 7 та ва Пайариқда 6 та маҳалла фуқаролар йиғинларида тикувчилик, ошпаз-қандолатчи, аёллар ва эркаклар сартарошлиги бўйича масканлар ташкил этилган. Ҳозирги кунда ўқув марказини тугатган фуқаролардан 31 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, давлат ва хусусий корхоналарга 27 нафар фуқаро ишга жойлашган, 19 нафари хорижга юборилган, 47 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилган. 

Кейинги манзилимиз Қўшработ тумани маҳаллаларидаги ўқув масканлари бўлди. 

Туманда жорий йилнинг шу даврига қадар 3400 нафар ишсиз фуқарога бандлик хизматлари кўрсатилиб, улардан 653 нафари ишга жойлаштирилган, 245 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилган. Шунингдек, туманда фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида Иштихон касб-ҳунарга ўқитиш маркази қошида 7 маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш маскани ташкил қилинган. Ҳозир бу масканларда 200 нафарга яқин фуқаро касб-ҳунар ўрганмоқда.

- Ишсиз эдим, яқинда 3 ойлик тикувчилик курсини тугатиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошлайман, - дейди Қўшработ маҳалласида яшовчи Муҳаббат Холмуродова. – Курсда аёллар ва болалар кўйлакларини тикишни ўргандим. Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик фаолиятимни бошласам субсидия асосида тикув машинаси берилишини айтди. Энди чеварликни сингилларимга ҳам ўргатиб, кўйлаклар сотувини ҳам йўлга қўйишни режалаштиряпман. 

Фазлиддин Рўзибоев.