Касб-ҳунар ўрганиш истагидаги ёшлар KOICAда жам бўлди
15-Avgust, 2022-yil

...

Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳридаги ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмаркада касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқишни давом эттиришни мақсад қилган битирувчилар ҳамда ташкилот ва корхоналар бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

  

Унда вилоят халқ таълими бошқармаси, Самарқанд шаҳаридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва ўқув марказ мутахассислари ҳунар ўрганиш истагида бўлган ёшларга марказ фаолияти, марказда мавжуд йўналишлар ҳақида батафсил маълумот берди.   

- Бугун пайвандчи мутахассисга талаб катта, - дейди ҳунар ўрганиш мақсадида ярмаркага келган ёшлардан бири Шербек Қудратов. – KOICAда мавжуд йўналишлар билан танишдим. Энг муҳими, бу ерда қисқа вақтда пайвандлаш касбини чуқур эгаллаш имконияти борлиги менда қизиқиш уйғотди.   



Ярмарка сўнггида ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. 

- Ҳозирда юздан ортиқ ташкилотларга ҳамкорлик шартномалари асосида зарур мутахассисликлар бўйича кадрлар етказиб беряпмиз, - дейди Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази раҳбари Дилшод Пардаев. – Тикувчи, пайвандчи, электр тармоғи мутахассиси, хотин-қизлар учун аёллар сартароши ҳамда ошпазлик ва қандолатчилик йўналишларига талаб катта. Бугунги кўргазмада ҳам касб ўрганишни мақсад қилган ёшлар асосан ушбу йўналишларга қизиқиш билдиряпти.

Ярмаркада ўқув марказда касб сирларини ўрганаётган ўқувчилар ясаган турли ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.